+998(71) 245-34-05

138 МИЛЛИАРД СЎМ ХАЙРИЯ ҚАЕРГА САРФЛАНДИ?

17.09.2021

Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди пандемия шароитида хайрия ишларини ташкил қилишда фаол иштирок этмоқда. Фонд ҳисоб рақамига 2020 йилда 186 миллиард сўмга яқин хайрия маблағлари тушган.

– Хайрия маблағларини сарфлашнинг қатъий тартиби ишлаб чиқилган, – дейди “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди бошқаруви раиси Асрол Мирзаҳмедов. – Асосан коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларига
дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа зарурий воситаларни сотиб олиш, тиббий асбоб-ускуналар ва махсус транспорт воситаларини харид қилиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига сарфланди.

Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси қарорига асосан “Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш” мавзусида фонд томонидан 14 та видеоролик тайёрланиб, улар телеканаллар ва интернет тармоқларида намойиш этилди.
Оммавий сайёр қабулларда фуқаролар мурожаати асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда беморлар учун малакали шифокорлар маслаҳати ва даволаш ишларини уюштириш, ногиронларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишга 1 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.

Ҳисобот даври якунига кўра, жамоат фондининг хайр-эҳсон, ҳомийлик ва бошқа харажатлари 138 миллиард сўмни ташкил этди. Бундан ташқари, 6 миллиард сўмликдан ортиқ портатив рентген аппаратлари, тиббий жиҳозлар ва шахсий гигиена воситалари, ҳимоя комбинезонлари, ҳимоя ниқоблари, тиббий қўлқоплар, дори воситалари беғараз қабул қилиниб, Соғлиқни
сақлаш вазирлигининг тақсимотига кўра, тиббиёт масканларига тарқатилди.

Жорий йилда ҳам жамоат фонди томонидан фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, касалликка чалинган беморларни жарроҳлик амалиёти билан даволанишлари ҳамда боқувчисини йўқотган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларини кийим-кечак билан таъминлаш борасида ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бунинг учун йил бошидан буён 44 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

Президентимизнинг тегишли фармонига асосан ҳомийлик маблағларини марказлашган ҳолда тўплаш, тарқатиш, уларнинг мақсадли
ва манзилли йўналтирилишини мониторинг қилиш, ушбу жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш, шунингдек, хайрия этувчиларга маблағларнинг сарфланишини кузатиб бориш имконини берувчи “Шаффоф хайрия” ягона интерактив порталини ишлаб чиқиб, ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.

Шуҳрат ИСЛОМОВ.